Мовароуннахр

Имом Абул Муъин Насафий

Абу Муъин Насафийнинг тўлиқ исмида ихтилофлар мавжуд. Ҳабибулло Ҳасан Имом Насафийнинг “Тамҳид ли қавоидут тавҳид” китобини таҳқиқ қилганда охирги тўхталинган исм шу - Абу Муъин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазл Насафий Макҳулий,деб якунлайди.

Насафий деб номланганлигига кўра ёшлик чоғлари ва олим бўлиб улғайиш даври Насаф шаҳрида ўтганлиги аён бўлади. Имомнинг номи зикр қилинганда Насафий дейилди, лекин Бухорий ёки Самарқандий деган жойларнинг номи нисбат берилмади. Бундан ҳам аён бўладики, асосан Насаф шаҳрида ижод қилган. У ҳижрий 418 йилда туғилган. Лекин бошқа манбаларда 438 йилда туғилган, деб ҳам келтирилган.
Имом Абул Муъин Насафий Мовароуннаҳрда (ўша пайт Мовароуннаҳр шаҳарлари Исломнинг шарқий шаҳарлари деб аталган) ҳижрий бешинчи асрнинг иккинчи ярми ва олтинчи асрнинг бошларида яшади. Манбаларга суянган ҳолда Насафий яшаб ижод этган даврнинг сиёсий, ижтимоий ва илмий ҳолатини қисқача баён қиламиз.
Насафий яшаган давр Аббосийлар халифалигининг таназзулга учраётган вақти эди. Таназзул Халифа Мутаваккил (232-247 ҳижрий йиллар) ҳукмронлигидан бошланди. Аббосийлар халифалигининг заифлашувининг асосий сабаби ҳудудларда ўзини мустаққил деб эълон қилган мамлакатлар пайдо бўла бошлади. Мисол учун Ҳамадонийлар давлати, Ироқда Бувайҳидлар давлати, Мовароуннаҳрда Сомонийлар давлати ва ҳоказо.
Бу бўлакланишлар оқибатида бир давлат иккинчи давлатдан ўз нуфузини ортишга ҳаракат қилиди. Сомонийлар давлати ҳижрий 389 йилгача ҳукмронлик қилди. Сўнг Мовароуннаҳр шаҳарлари Буғрохон қўлига ўтди. Буғрохон эса Абдулмалик ибн Нуҳ Сомонийга меҳрибонлик кўрсатиб ўлдирмади. Лекин, Абдулмалик Сомоний яна қўшинга бошчилик қилиб Буғрохонга қарши чиқади. Жаҳли чиққан Буғрохон Абдулмаликни ва акаси Мансур ибн Нуҳни қамоққа олади. Шу билан Буғрохон ҳукмдорлиги Салжуқий Маликшоҳ истило қилгунга қадар (ҳижрий 482 йил) давом этади. Тарихчи Ибн Асир шундай дейди: “Шаҳарлар аҳли ўз подшоларининг зулмидан шикоят қилиб Маликшоҳгаэлчи жўнатади”.
Фотимийлар давлати ҳам Мовароуннаҳр давлатига ўхшаб Аббосийлар давлатига душманлик ҳиссини туяр эди. Фотимийлар ўз давлатини Исломнинг ғарбий минтақасида ва Мисрда ўрнатгач Фурот томонларга кенгайтиради. Бу билан диққатини шарқ томонга қаратади. Шарқда Бану Бувейҳ тарафдор бўлиб, Фотимийларга ёрдам беришади. Улар ёрдамида Фотимийлар Бағдод шаҳригача бостириб боришади. Ироқ тарихида Бану Бувейҳ ёмон сиёсий из қолдирган. Ироқда катта фитна бошланади. Аскарлар ҳеч кимга бўйин сунмайди. Бири иккинчисини талон-тарож қилиб, халқ қалбини ваҳима босади. Бунинг устига Бану Бувейҳнинг мутаассиблиги тутиб, сунний мусулмонларни шийъалик мусулмонлар байрамига қатнашишига мажбур қилади.
Юқоридаги ички тўқнашувлардан ташқари, ташқи ҳужумлар бўлиб турар эди. Энг катта ҳужумлар ҳижрий 490 йилда бошланган салб юришларидир. Салб юриши ҳижрий 690 йилгача давом этди. Ислом мамлакатлари ички ва ташқи курашлардан заифлашди. Хусусан, Аббосийлар халифалиги ҳам.  
Абу Муъин Насафийнинг илмга қизиқишига сабабчи бўлган киши унинг отасидир. Отаси Муҳаммад ибн Мўътамад ўз шаҳрининг пешво олимларидан ҳисобланган. Ҳатто Имом Насафий баъзи ривоятларнинг санадини айтганда отасининг номи зикр қилинган. Муҳаммад ибн Муътамад бир неча китоблар ва раддиялар ёзган. Хусусан, “Луълуъёт фил мавоиз”, “Лубоб”, “Радду аъла аҳли бидаъи вал аҳваи” (Бидъатчи ва хаёлпарастларга раддия) китобларидир. У ҳижрий 318, милодий 930 йилда вафот этди. Шунингдек, Имом Насафийнинг бобоси ҳам Ҳанафийлик мазҳабини ва Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини турли бидътчи ва хурофотчилардан ҳимоя қилган олимлар бўлган.
Имомнинг суннийларни ҳимоя қилиб динга хизмат қилган шогирдлари ҳам кўп бўлган. Улардан:
-Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон ан-Насафий Самарқандий Фақиҳул Ҳанафий. У калом илмининг усулчиси, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, ҳофиз, наҳучи, олимлар ва омийлар шараф билан қабул қилган буюк олимдир. У шунингдек, Абул Яср Баздавий, Қози Мансур Жорий, Ибн Муҳаммад Танухий, Абу Али Ҳасан Абудулмалик Насафийларнинг шогирди ҳисобланади. Юздан ортиқ таснифотлар соҳиби.
-Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Абу Бакр Алоуддин Самарқандий. У ҳанафий олимлар орасида “Туҳфатул фуқаҳо” китоби билан машҳур бўлган. Қадри улуғ, фазилатда тенгсиз олим бўлган. Абу Яср Баздавий ва Имом Насафийдан таълим олган. Ҳижрий 575, милодий 1180 йилда вафот топган.  
-Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Алоуддин Шоший Ҳанафий. У “Олимлар подшоҳи” ва “Кошоний” деган номлар билан шуҳрат топган.
-Исмоил ибн Адий ибн Фазл ибн Убайдулло Абул Музаффар Толиқоний Фақиҳул Ҳанафий. У Ислом ҳуқуқшуноси, муфтий бўлган. Ҳижрий 540 йилда вафот этган.
-Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Мусо ибн Абдулло ибн Мужоҳид ибн Абуляср. Асли Бухоролик бўлиб “пешқадам қози” номини олган.
-Али ибн Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Абу Жаъфар Абул Ҳасан Балхий Жаъфарий. У зоҳид, ибодатманд, “Балх бурҳони” номини олган. Ислом диёрларида ҳанафий мазҳабини тарқатганлиги билан машҳур. Умри давомида кўп юртларни кезиб кўп шогирдларни тарбиялаган. Айниқса, Ҳалаб шаҳрига бориб, пайдо бўлган бидъату хурофотларни кетгизган. Одамларни сунний эътиқодда жамлаб бирлаштирган.
-Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Абул Фатҳ Хуламий. Ҳижрий 470 йилда туғилган. Бухоро шаҳрида туриб кўп илмлар соҳибига айланган.
-Абдурашид ибн Абу Ҳанифа ан-Нўъмон ибн Абдуразоқ ибн Абдулло Валволижий Қозий Зоириддин Абулфатҳ. Ҳижрий 467 йилда туғилган.
Имом Насафий муаллифлик қилган энг катта манба бу – “Табсиратул адилла” китобидир. У калом илмида энг муҳим манба, кенг ҳажмли, илму калом олимлари орасида машҳур бўлган кучли китобдир. “Кашфуз зунун” соҳиби шундай баҳо беради: “Табсиратул адилла – Имом Насафийнинг эътиқодий масалаларда ҳужжатлари энг аниқ келтирилган китобдир. Бу китоб аҳли сунна вал жамоа билан унга хусуматлашган бошқа фирқаларнинг орасини яққол ажрата олган. Далиллар ўта дақиқ. Итноб ва ишоралар орасидаги ибораларни (терминларни) оддий ва тушунарли қилиб кўрсатган. Ғоятда фойдали китоб”.
Насаф шаҳрини илмий даражасини билиш учун олимларнинг номлари охирида “Насафий” деб ёзилганлигининг ўзи кифоя. Шулардан Шайх Абу Муъин Насафийдир. У ўз асрининг тенгсиз олими, тақводори, ҳанафий фақиҳи, муҳаддис, мутакаллим. Ҳар бир фикрини қатъий ҳужжат билан қувватлантиради. У Мўътазила, Ҳанбалия, Жаҳмия, Рофизия, Хаворижий ва бошқа фирқа вакилларига инкор этиб бўлмас ҳужжатлар билан далил келтирадиган буюк олимдир. У илмни одамларга тарқатди. Шогирдлари уни мақтаб “Умарун Насафий” (Насафлик Умар) деб аташди.
Ёзган асарлари:
-“Тамҳид лиқавоидит тавҳид” (Тавҳид қоидаларини тўғрилаш).
-“Баҳрул калом” (Калом денгизи). Унинг Нуриддин Макдисий Ҳанафий томонидан ёзилган “Ғоятул маром фи баҳрил калом” шарҳи мавжуд.
-“Қасидул қавоид фи илмил ақоид” (Ақоид илмидаги муҳим қоидалар).
-“Ифсод ли хадиъл илҳод”.
-“Маноиҳул аиммати фил фуруъ”.
-“Шарҳу жомиъул кабир”.
-“Олим ва мутааллим”. Бу китоб Абу Ҳанифадан келган ривоятлардир.
Имом Насафий ҳижрий 508 йилда вафот этган.

UZBEKISTAN WEATHER