Мовароуннахр

Имом Бухорий

Имом Бухорийнинг тўлиқ исмлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизба Жўъфий Бухорийдир.
Бардизба мажусий бўлган. Аммо Муғийра ибн Бардизба ўз вақтида Бухоронинг волийи бўлган ва Ямон Жўъфийнинг қўлида мусулмон бўлган. Ўша пайтларда бировнинг Исломга киришига сабаб бўлган одамга унинг исмида ҳам нисбат берилиши одат бўлган. Шунга биноан имом Бухорийлар оиласига «Жўъфий» нисбати берилиб қолган. Бошқача қилиб айтганда, Жўъфий сабабидан мусулмон бўлганлар, дегани.


Имом Бухорийнинг оталари Исмоил ибн Иброҳимнинг куняси Абул Ҳасан бўлиб, у парҳезкор уламолардан эди. Унинг ҳақида имом Бухорийнинг ўзлари «Тарихул Кабийр» китобида «У Ҳаммод ибн Зайдни кўрган ва Ибн Муборак билан икки қўллаб кўришган эди», деб ёзганлар.
У Молик ибн Анасдан дарс олган, Солиҳ ибн Муборак, Абу Муовия ва бошқалардан ривоят қилган шахсдир.
Исмоил ибн Иброҳим Аҳмад ибн Ҳафс, Яҳё ибн Жаъфар Пойкандий ва бошқаларга устоз бўлган.
Унинг шогирди Аҳмад ибн Ҳафс: «Ўлими олдидан ҳузурига кирсам, ҳамма молимнинг ичида бирор дирҳам шубҳалиси борлигини билмайман, деди. Ўша пайт ўзимга ўзим арзимас бўлиб кўриндим», деб ривоят қилади.
Имом Бухорий илмли, аҳли фазл ва солиҳ оилада жумъа намозидан кейин, ҳижрий 194 йилнинг, Шаввол ойидан ўн уч кеча қолганда, Бухоро шаҳрида дунёга келдилар.
У киши кичиклик пайтларида оталари вафот этиб, етим қолдилар ва акалари Аҳмад билан оналари тарбиясида ўсдилар.

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ИЛМ ТАЛАБ ҚИЛИШЛАРИИ

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи талаби илмни ўз ватанлари Бухорода бошладилар. Бошланғич илмлардан таҳсил олиб бўлганларидан кейин ҳижрий икки юз бешинчи санада ҳадисдан дарс олишни бошладилар.
Имом Заҳабий ва бошқа тарихчилар айтишади:
«У кишининг ҳадис эшитишни бошлашлари икки юз бешинчи йилда бўлди. Ўз юртида замонасининг улуғларидан кўплаб ҳадисларни эшитиб бўлгандан кейин икки юз ўнинчи йилда онаси ва акаси билан Байтуллоҳни ҳаж қилиш учун йўлга чиқди. Акаси Бухорога қайтди. Аммо у Маккада қолишни афзал кўрди. Макка Ҳижоздаги энг муҳим илмий марказлардан бири эди».
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи у ерда ўзлари излаб юрган нарсани топдилар. Гоҳида Мадийнага ҳам бориб турар эдилар.
У киши Маккаи Мукаррамада баъзи китобларини таълийф қилдилар ва «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» ва унинг таржималарига асос солдилар.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўзлари айтадилар:
«Ўн саккизга кирганимда «Қазоёс-саҳобати ват-тобеъин» китобини таснийф қилдим. Кейин «Ат-тарих ал-кабийр»ни. Бу, Мадийнаи Мунавварада, Набий алайҳиссаломнинг қабрлари ёнида бўлди. Ойдийн тунларда ёзар эдим».
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўз ҳаётлари давомида кўп маротаба ва том маънода сермаҳсул сафарларда бўлдилар. У киши ўз замоналарида қарийб барча Исломий мамлакатларга, баъзи бирларига эса бир неча маротабадан сафар қилдилар.
«Мен Сурия, Миср ва Арабистон ярим оролларини икки дафъа зиёрат қилдим, – деб ёзади имом Бухорий,–бир неча марта Басрада бўлдим, олти йил Ҳижозда (Саудия Арабистони) яшадим, Куфа ва Боғдод шаҳарларида неча марта бўлганимни эслолмайман».
Хатиб ёзади: «Бухорий барча диёрлар муҳаддислари ҳузурига сафар қилди. У Хуросонда, Жиболда, Ироқ шаҳарларининг барчасида, Ҳижозда, Шомда, Мисрда ёзди. Боғдодга бир неча марта кирди».
Ҳофиз айтади: «У Маккадан қайтганидан кейин турли диёрлардаги ҳадис машойихлари ҳузурига, сафар қилиш имкони бўлган ерларга борди. Балхда, Найсабурда, Райда, Боғдодда, Куфада, Мадийнада, Воситда, Дамашқда, Асқалонда, Ҳимсда ва бошқа ерларда бўлди».
Имом Бухорий бутун ҳаётларини ҳадис илмини мукаммал даражада ўрганиш ва жамлашга бахш этдилар. У киши қаерда бўлмасинлар, ҳамиша бу шарафли вазифани тарк қилмадилар. У киши асарларини, бу асарлар учун жамланган барча захийраларни ўз қўли билан битар, бу сингари ишларни ҳеч кимга ишонмасдилар.
Аксарият асарларини тунда қоғозга туширардилар. Жуда ёшлигидан Аллоҳ таоло битмас-туганмас ғайрат билан сарафроз этган имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи тасаввурида ярқ этган тоза фикрларни оқ қоғозга муҳрлаб қўйишдан ҳеч қачон эринган эмаслар.
Имом Бухорий бутун Ислом оламига танилиб, шуҳратлари етти иқлимни олганидан кейин она ватанлари Бухорода қарор топишни ихтиёр қилдилар. Бухоро аҳли ўз фахри бўлган улуғ олимини шодлик билан қарши олди.
Одатдагидек, буюк имом халққа дарс айтишни бошладилар. Дарсларга сон-саноқсиз одам ҳозир бўлар эди. Кучли ва ёқимли овоз соҳиби бўлган мубаллиғлар – дарсни одамлар етказиб турувчилар имом Бухорийнинг ҳар бир гапларини дарсда иштирок этаётган халойиққа етказиб турар эди.
Барча халқ оммаси ғоятда масрур эди. Бухоро аҳли имом Бухорийдан дарс олиш бахтидан мамнун эди. Кун сайин дарс иштирокчилари кўпайиб борар ва атроф жавониблардан ҳам кишилар уларга келиб қўшилар эди. Бу билан имом Бухорийнинг обрў-эътиборлари ҳам ортиб борар эди.
Шундай бир пайтда ўша даврдаги Бухоронинг волийи Холид ибн Аҳмад Зўҳлий имом Бухорийга одам юбориб, у кишидан уйига келиб болаларига «Жомеъ» ва «Тарих»дан дарс беришни талаб қилди.
Имом Бухорий унинг ҳузурига боришдан бош тортдилар. Волий яна одам юбориб, имомдан ўз болалари учун алоҳида, бошқаларни аралаштирмасдан мажлис қуришни талаб қилди.
Имом Бухорий бу гапни ҳам қабул қилмадилар ва: «Бир қавмни қўйиб, бошқасига дарс ўтиш менга тўғри келмайди», дедилар.
Волий Холид ибн Аҳмад Зўҳлий имом Бухорийга қарши Бухоронинг Ҳурайс ибн Абул Варқо каби аҳли илмларидан ёрдам сўради. Улар дарҳол имом Бухорийга қарши бўҳтон тўқишди. У кишининг бузуқ мазҳабда эканини даъво қилдилар. Волий имом Бухорийни Бухородан чиқаришга амр қилди.
Имом Бухорий дуоси мустажоб–тўхтовсиз қабул бўладиган зотлардан эдилар. Жонларидан ўтгани учун мазкур душманлар ҳақида: «Ё Аллоҳ! Менга қасд қилган нарсаларини ўзларига, авлодларига ва аҳли-аёлларига кўрсатгин!» дея дуо қилдилар.
Бир ой ўтмасдан Тоҳирийларнинг буйруғи келиб, волий Холид ибн Аҳмад Зўҳлийни урғочи эшакка тескари миндирилиб сазойи қилинди.
Кейин мазкур волий ҳажга бориш мақсадида йўлга чиқди. Боғдодга етганида халийфа Мўътамаднинг укаси Муваффақ ибн Мутаваккил уни тутиб қамади ва у қамоқда вафот этди.
Ҳурайс ибн Абул Варқо аҳли-аёлида балога учраб, васфига тил ожиз ҳолатлар бошига тушди.
Бошқа бири болаларида балога учраб, Аллоҳ таоло унинг бошига кўп кулфатларни солди.
Имом Бухорий Бухородан чиқиб Самарқанд томон юзландилар. Самарқанддан икки фарсах масофадаги Хартанг қишлоғида у кишининг қариндошлари бор эди. У киши мазкур қариндошлариникига келиб тушдилар.
Имом Бухорий кечалари намоз ўқиб ибодат қилар эдилар. Бир кеча тунги намоздан кейин «Ё Аллоҳ! Батаҳқиқ, ер юзи барча нарсаси ила менга тор бўлиб қолди. Мени ўзингга олгин!» деб дуо қилаётганлари эшитилди.
Ана шундан кейин бир ой ўтмай имом Бухорий вафот топдилар.
«Тобақотуш-Шофеъийя» китобида Муҳаммад ибн Абу Ҳотимдан қуйидагилар ривоят қилинади:
«Ғолиб ибн Жаброил (имом Бухорий уйида турган киши) дан: «Абу Абдуллоҳ бизникида бир неча кун турди. Кейин бемор бўлиб қолди. Беморлик оғирлашганда Самарқанд волийининг элчиси келиб, у кишининг чиқишини сўради. (Аҳли Самарқанд имом Бухорийдан ўз шаҳарларига келишларини илтимос қилишган эди.)
Бас, бизни кўрганида уловга минишга тайёрлана бошлади. Махсиларини кийди. Салла ўради. Йигирма қадамча юрганидан кейин, мен билагидан суяб бормоқда эдим, бошқа бир киши миниши учун уловни етаклаб келаётган эди, у киши раҳматуллоҳи алайҳи: «Мени қўйинглар, заифлашиб қолдим», деди.
Бир қанча дуолар қилганидан кейин ёнбошлади ва жон таслим қилди. Ундан тер оқди, сифатлаб бўлмайдиган даражада оқди. Уни кийимига киритгунимизча тер оқди. Унинг бизга қилган васиятлари ичида «Мени уч оқ кийим (латта) ила кафанланглар. Уларнинг ичида қомийс ва салла бўлмасин», деган эди. Биз шундай қилдик».
Абдулвоҳид Ибн Одам Тавовусий айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўрдим. Ул зот билан бир гуруҳ саҳобалари ҳам бор. Ул зот бир ерда турибдилар. Салом берган эдим, алик олдилар.
«Ё Расулуллоҳ! Бу туришингиз боиси не!»– дедим.
«Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни кутиб турибман», – дедилар.
Бир неча кундан кейин унинг вафоти ҳақида хабар келди. Назар солсак, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган соатда вафот этган экан».
Имом Бухорий жумъа куни Рамазон байрамидан бир кун аввал хуфтон намози пайтида вафот этдилар. Рамазон байрами куни, пешин намозидан кейин, ҳижрий икки юз эллик олтинчи сананинг биринчи Шаввол куни Хартангда дафн қилиндилар.
«Ал-бидоя ван-ниҳоя» китобида имом Бухорийнинг дафн маросимига бош-қош бўлган Иброҳим ибн Муҳаммаддан ривоят қилинади:
«Муҳаммад ибн Исмоилнинг дафнига мен мутасадди бўлганман. У Хартангда вафот этганидан кейин Самарқанд шаҳрига олиб бориб дафн қилмоқчи бўлдим. Аммо бир соҳибимиз бунга йўл бермади ва Хартангга дафн қилдик».
«Ал-бидоя ван-ниҳоя» ва бошқа китобларда зикр қилинишича: «Имом Бухорийнинг қабрлари тупроғидан мушкнинг ҳиди чиққан. Сўнгра қабр устидан оппоқ устунлар осмонга қараб бўй чўзган. Буни кўрган одамлар ихтилофли гапларни гапира бошлашган».
Имом Бухорий бу дунёда ўн уч куни кам олтмиш икки йил ҳаёт кечирганлар.

UZBEKISTAN WEATHER